Ўзимга ибрат бўлган бир воқеа ҳақида сизларга айтиб бермоқчиман. Бошимдан кечирганларим бошқа қизларга ҳам ибрат бўлсин. Мен икки йилдан буён бир йигит билан гаплашиб юраман. Яхши жойда ишлайди, машинаси, уй-жойи бор. Муносабатларимиз жиддий ва ҳавас қилгулик эди. У ҳатто онам билан ҳам гаплашганди. - Илтимос, қизингизни бошқаларга бериб юборманг. Мен албатта уйланаман ва бахтли қиламан, - деганди ойим билан учрашиб. Ойим унга сир бой бермаган бўлса-да, менга: Яхши бола экан. Ҳозир бунақа бир сўзлилар кам. Яна касб-кори ҳам бор экан, деганди. Шу билан иккимизнинг гаплашишимизга қаршилик қилмаган. У доим менга тез орада тўйимиз бўлиши айтарди. Аммо кутилмаганда ўзи шифохонага тушиб қолди. Хасталигида асбийлаштирмай деб кўп гапни унга айтмасдим. Сабаби, турли қизлар менга қўнғироқ қилиб уни тинч қўйишимни сўрарди. Яхши йигит билан ҳамма қиз ҳам турмуш қуришни истайди-да, дея ичимга ютардим. Афсуски, уйимизга келган икки қиз ҳаётимни остин-устун қилди. Улар келиб бу йигитни тинч қўйишимни, бўлмаса элга шарманда қилишини айтишди. Ёмон гап тез тарқалади, деганлари рост. Бу икки қизнинг ташрифи бир зумда маҳалла тарқалди. Илгари менинг кўнгил қўйган йигитим борлигини билмайдиганлар энди, турли йигитлар билан гаплашганим, уларнинг севган қизи келиб жанжал қилиб кетгани ҳақида оғиз кўпиртира бошлашди. Энг ёмони, шифохонада ётган йигитим ҳам менга тинч қўйишимни айтди. - Сен ўша қизларга мени роса ёмонлабсан. Онамни жинни, укамни безори дебсан. Ҳозирдан оиламни шунақа десанг, эртага нима бўлади? Яхшиси, мени безовта қилма, - деди. Ўша-ўша мен билан гаплашишни истамаяпти. Ахир мен унинг оиласини яхши билмайман-у, бу гапларни айтишим мумкинми? Энг алам қилгани унинг менга эмас, ўша қизларнинг гапига ишонаётганидир.