Эҳ-ҳе! Бу атиргулларнинг чиройлилигини! Нечта бўлди экан? Элликтами? Йўқ, юзта! Балки ундан ҳам кўпдир? Бунча ажойиб бўлмаса булар?
Иш столимнинг ярмини эгаллаб ётган қип-қизил ғунчалар кайфиятимни осмон қадар кўтариб юборади. Гулдастани бағримга босиб тўйиб-тўйиб ҳидлайман. Бирам хушбўй… Оёқларим остига бир нима келиб тушади. Мактуб!
“Азизам! Ушбу гуллар неча ойки юрагимда кўмилиб ётган туйғуларимнинг изҳори бўлсин! Сизни севаман! Азиз”.
Наҳотки? Юрагим товонимга тушиб кетгандек бўлади. Азиз?! бўлим бошлиғимизнинг исми-ку! Наҳот ўша – бадқовоқ, ўлгудек жиддий, кўрарга кўзим, отарга ўқим бўлмаган инсон мени… Ана сюрпризу мана сюрприз…
Телефоним қулоқни қоматга келтириб жиринглаб қолмаса, ким билсин бу ҳолатда қанча турардим?
– Азиза, гуллар ёқдими?
– Жудаям, фақат…
– Нима фақат?
– Бу сўзларни сиздан эшитиш…
– Менда юрак йўқ деб ўйлаганмидингиз?
– Асло, унақамас!
– Унақа бўлмаса, бугун ишдан кейин сизни бир жойга таклиф қилсам майлими?
– Майлику-я… бироқ қаерга?
– Борганда кўрасиз.
Ҳамкасб дугонамнинг қийқириғидан телефон қўлимдан тушиб кетаёзади.
– Вой дод! Бу гулларни қаранглар!
Бирин-кетин кириб келаётган ҳамкасбларнинг олдида ер ёрилмади, кириб кетмадим!
– Ким берди, Азиза?
– Билмасам…
– Ҳо, билмасмиш!
– Бунча чиройли экан бу гуллар-а?
– Айтақол энди, ким экан бунча гулни совға қилган телба ошиқ?
– Билмайман дедим-ку!
Уятдан юзларим ловуллаб қизарганча ташқарига югураман. Юрагим сиқилганда, чарчаганимда қўним топадиган махфий жойим – ишхонамнинг орқа томонига чиқиб, кўксимни тўлдириб чуқур-чуқур нафас оламан. Ҳамон дир-дир титраётган бармоқларимни юзимга босганча кулиб юбораман. “Бу қанақаси, а? Демак, шунча вақтдан бери менга ошиқ бўлиб юрган экан-да! Қизиқ, унда нега нуқул тергайди? Одам яхши кўрганигаям шунақа қиладими? Уҳ, қаерга олиб бораркан? Шу аҳволда кетавераманми? Тузукроқ кийинмабман ҳам…”
Ўзимни босиб олгач, хонага қайтаман. Дугоналарим шовқин-сурон билан қарши олишади:
– Азиз Тўраевични қандай илинтира қолдинг, Ази?
– Шу қовоқари ҳам севишни биларкан-да!
– Вой, писмиқ-ей…
Ҳамкасбларимдан бирининг қўлида турган мактубчани кўриб, ҳаммаси “фош” бўлганини тушунаман. Шу етмай турганди, буларга гап топилади энди!
Ҳамкасб қизларнинг бири ҳасад, бири ҳавас билан менга тикилади, мен эса уятдан ёниб кетаёзаман. Фикру хаёлим кечқурун бўладиган учрашувда! Бирор ресторанга олиб борса керак. Дабдурустдан қўлимни сўраб қолса нима дейман? Эй, борсин-ей, ўша бадқавоққа куним қоптими? Севган бўлса, ўзига!