Ўзбекистонлик ўқувчилар кимё фани бўйича тенгсиз эканиликларини исботладилар
01.05.2013, 16:51
Кимё фани бўйича 47-халқаро Менделеев олимпиадасида Ўзбекистон вакиллари 2 олтин, 5 кумуш ва 8 бронза медал билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
Бу йилги интеллектуал марафонда Озарбайжон, Беларусь, Болгария, Венгрия, Қозоғистон, Қирғизистон, Литва, Македония, Молдова, Россия, Руминия, Саудия Арабистони, Тожикистон, Туркманистон, Туркия, Украина ва мезбон – Ўзбекистондан жами 17 жамоа иштирок этди. 7 кун давом этган олимпиадада 117 нафар ўқувчи ушбу халқаро мусобақанинг ғолиби бўлиш ва нуфузли олий ўқув юртларига имтиҳонсиз ўқишга кириш ҳуқуқи учун баҳс олиб борди.
Тақдирлаш маросими М.Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент филиалида бўлиб ўтди.
Кимё фани бўйича 47-халқаро Менделеев олимпиадаси икки назарий ва битта экспериментал (амалий) турдан иборат бўлди. Биринчи назарий турда ихтисослаштирилган кимё синфлари дастурига мос келадиган 8 мажбурий вазифа қамраб олинди. Иккинчи тур кимё фанининг беш бўлимини ўз ичига олган бўлиб, ҳар бир бўлим бўйича учтадан савол келтирилган, иштирокчилар ўз хоҳишига кўра, улардан бирини ечиши керак эди. Экспериментал тур давомида иштирокчилар моддаларни кимёвий таҳлил қилиш ва таклиф этилган услубиёт асосида синтезни ўтказиш бўйича ўз кўникмасини намойиш қилди. Уч тур натижаларига кўра иштирокчилар кўпи билан 230 балл тўплай олиши мумкин эди.
Кимё фани бўйича 47- халқаро Менделеев олимпиадасида иштирокчилар 11 олтин, 23 кумуш ва 36 бронза медали учун мусобақалашди. Ўзбекистон вакиллари 2 олтин, 5 кумуш ва 8 бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади. Айни пайтда Россия, Беларусь ва Украина жамоалари ҳам юқори кўрсаткичларга эришди.