Саудия футбол клуби Сервер Жепаровдан халос бўлмоқчи
27.07.2012, 13:15
Саудиянинг "Ал-Шабаб" футбол клуби ўзининг ярим ҳимоячиси ва Ўзбекистон терма жамоасининг сардори Сервер Жепаровнинг ўйинидан норози. Клуб Жепаровни 2011 йили $8 млн.га сотиб олганди.
Футбол агенти Санъат Шарипов 21 июль куни ўзининг Твиттердаги саҳифасида, ишончли манбаларга таянган ҳолда, "Ал-Шабаб" 2011 йилги Осиёнинг энг яхши ўйинчиси Сервер Жепаровдан халос бўлиш нияти борлиги ҳақида хабар беради.
Шариповнинг сўзларига кўра, клуб раҳбарияти Жепаровнинг ўтган йилги ўйинидан норози. "Клуб раҳбарияти Жепаровни сотиб олишга шошилган кўринади. Энди Сервер учун сарфланган катта миқдордаги пулларни қайтариб олиш клуб учун катта бош оғриғи бўлади”, - дейди агент.
Унинг фикрича, айни пайтда "Бунёдкор” клубининг ярим ҳимоячиси ва мамлакат термаси аъзоси Азиз Ҳайдаров ўзини яхши кўрсата олган Ўзбекистон футболчиси ҳисобланади. Шуннигдек, "Анжи”да ўйновчи Одил Аҳмедов ҳам шундайлар сирасига киради.
"Бизнинг ўйинчиларга бўлган қизиқиш сўнмоқда. Агар улар ўз устиларида ишламаса, Ўзбекистондан ташқарига чиқа олмайдилар”, - дея қайд этади агент. Унинг фикрича, футболчилар ўзларининг жисмоний тайёргарлигига кўпроқ эътибор қаратишлари керак, деб ёзади CA-NEWS.
Эслатиб ўтамиз, 2011 йили Сервер Жепаров мамлакатнинг энг қиммат футболчисига айланган эди. Унинг "Сеул”дан "Ал-Шабаб”га ўтиши Саудия клубига $8 млн.га тушди. 29 ёшли футболчининг "Ал-Шабаб” билан шартномаси уч йилга мўлжалланган эди.